Болаларни жинсий эксплуатация қилишда айбланган Жеффри Эпштейн иши бўйича эълон қилинган янги ҳужжатларда Украина президенти Владимир Зеленский ҳамда 2019 йилги Украина президентлик сайловлари тилга олингани аниқланди. Бу ҳақда материалларни ўрганган РБС хабар берди.
Ёзишмаларда 2019 йилда Украинада бўлиб ўтган сайлов жараёни муҳокама қилинган бўлиб, суҳбат иштирокчиларидан бири Владимир Зеленскийнинг давлатни бошқариш қобилиятига шубҳа билдирган. Хабарлардан бирида аввалги президент Петро Порошенкога Россия муносабати қайд этилиб, Зеленскийнинг сиёсий салоҳияти борасида эҳтиёткор фикрлар билдирилган.
Мазкур ёзишмалар муаллифларининг шахси АҚШ Адлия вазирлиги томонидан ошкор этилмаган. Қайд этилишича, бу ҳужжатлар Эпштейн иши бўйича яқинда эълон қилинган йирик материаллар тўпламининг бир қисми ҳисобланади.
30 январ куни АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Эпстеин иши доирасида 3 миллион саҳифадан ортиқ ҳужжатлар, шунингдек, 2 мингдан зиёд видео ва 180 мингдан ортиқ фотосуратлар жамоатчиликка тақдим этилган. Айрим материалларда жабрланувчиларнинг шахсий маълумотлари таҳрирланган.
Ҳужжатларда, шунингдек, турли давлатлар ва сиёсий доираларга оид номлар учрайди. Айрим материалларда Россияга алоқадор жамоат арбоблари, шунингдек, собиқ совет ҳудудидан бўлган шахслар ҳақида ҳам қайдлар мавжуд.


