Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси раҳбарлигига афсонавий италиялик футболчи, 2006 йилги Жаҳон чемпионати ғолиби ва “Олтин тўп” соҳиби Фабио Каннаваро тайинланиши кутилмоқда. Бу ҳақда машҳур спорт инсайдери Фабрицио Романо хабар берди.
Маълумотларга кўра, томонлар ўртасида оғзаки келишувга эришилган бўлиб, ЖЧ-2026 саралаш жараёнларида Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасини бошқаради. Яқин 24–48 соат ичида барча ҳуқуқий жараёнлар якунланиб, расмий шартнома имзоланиши режалаштирилган.
Италиялик мутахассис Ўзбекистонга ўзининг мураббийлик штаби билан келади. Унинг ёрдамчиси сифатида Чичо Тройзе, жисмоний тайёргарлик бўйича эса Евгени Альбарелла фаолият олиб бориши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон футбол ассоциацияси сентябр ойида Каннаваро билан дастлабки музокараларни ўтказган эди. У ўз юртида клуб футболида ишлаш бўйича таклифни рад этиб, миллий терма жамоа билан янги саҳифани бошлашга рози бўлган.


