Бунда идентификация ID-картага эга фуқароларга тегишли транспорт воситаси ҳайдовчисидан янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини талаб қилиш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик, транспортга эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш ҳам тақиқланди. Транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини давлат хизматчисига тақдим қилиш ҳам бундан кейинги жараёнларда шарт эмас.
Бу борада Ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга биноан, 2022 йил 1 мартдан автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш эндиликда ЯИДХП орқали электрон шаклда амалга оширилади.
Бундан ташқари, мазкур қарорда яна бир нечта диққатни тортадиган янгиликлар мавжуд. Жумладан, келгуси йил март ойидан Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш, чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш хизматлари ҳам электрон тарзда амалга оширилади. Бунга қўшимча равишда судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш, жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганлар ва уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш тартиби ҳам электронлаштирилади.
Маълумот учун, 2022 йил 1 февралгача суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар ягона ахборот тизимига тўлиқ киритилади.
Қарор билан ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Ички ишлар органлари тизимига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Бундан аввал "права”сини алмаштирмаганларга қўшимча имкониятлар яратилгани, Ўзбекистонда "права"сиз машина ҳайдашга ва рулда телефондан фойдаланишга рухсат берилиши мумкинлиги ҳамда 1 сентябрдан ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.


