Маълум қилинишича, бугунги кунда 5 миллион 793 минг нафар ҳайдовчиларнинг 3 миллион 600 минг нафари ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирган. Шундан 2 миллиондан ортиқ ҳайдовчи гувоҳномаси ҳали алмаштирилгани йўқ.
Ҳайдовчиларга ёрдам бериш ва муаммони ечиш учун масъуллар нима чораларни кўрди? Мазкур саволни агентлик ўз каналида келтирар экан, жавобларни ҳам ёзиб ўтади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Сергели туманлари Давлат хизматлари марказларига ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилган.
Бундан ташқари, фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун рўйхатдаги Давлат хизматлари марказларига дам олиш кунлари, яъни шанба ва якшанба (байрам кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 15:00 гача ҳам мурожаат қилишлари мумкин.
Шунингдек, ДХМлар орқали "права" алмаштириш учун онлайн ариза юбориш имкони берилди.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ДХМларга ташриф буюрувчилар оқими катта бўлганлиги сабабли, Тошкент шаҳридаги ДХМларда эрта тонг соат 7.00дан бошлаб фақат ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Қолган хизматлар одатдаги режимда — соат 9.00дан бошлаб кўрсатилади.
Маълумот учун: эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш муддати 2021 йилнинг 31 декабригача, деб белгиланган.
2022 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
“Давлат хизматлари агентлиги хизматлардан фойдаланиш жараёнида қулайликлар яратишда давом этади. Сизлардан ҳам давлат хизматларидан фойдаланишда тартибни сақлашингизни, электрон навбатга риоя қилишингизни ҳамда ўзаро ҳурматни сақлаб, сабрли бўлишингизни сўраб қоламиз”, – дейилади агентлик хабарида.
Aввалроқ Ўзбекистонда "права"сиз машина ҳайдашга ва рулда телефондан фойдаланишга рухсат берилиши мумкинлиги ҳамда 1 сентябрдан ҳайдовчилардан ишончномани талаб этиш тартиби бекор қилинагани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


