Ижтимоий тармоқлар ва айрим ахборот манбаларида ҳукумат ахборот тизимларидан камида 15 миллион нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари ўғирланиб, Dark Web’га жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотлар базасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа шахсий ахборотлар бўлиши мумкинлиги айтилган.
Мазкур хабарлар ортидан Киберхавфсизлик маркази ҳолатни ўрганишга киришгани, текширув ишлари олиб борилаётгани ва кейинчалик қўшимча маълумотлар тақдим этилиши маълум қилинганди.
Ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги расмий муносабат билдирди. Агентлик маълумотига кўра, дастлабки ўрганишлар ушбу ҳолат аввал фаолият юритган эски маълумотлар базасига тааллуқли эканини кўрсатмоқда.
Агентлик айрим ахборот сайтларида эълон қилинган хабарлар ҳолатнинг ҳақиқий мазмунига мос келмаслигини таъкидлаб, айни пайтда вазият белгиланган тартибда чуқур ўрганилаётганини билдирди. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилаётгани қайд этилди.
Текширув якунлари бўйича қўшимча ахборот белгиланган тартибда жамоатчиликка тақдим этилиши маълум қилинди.


