1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Таълим

Ихтисослаштирлган мактаблар вазирликдан “Президент мактаблари” тизимига ўтказилади

Кун тартибига хтисослаштирилган мактабларга қабул, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолаш тизимини ҳам қайта кўриш масаласи қўйилди.

Ихтисослаштирлган мактаблар вазирликдан “Президент мактаблари” тизимига ўтказилади

 

Президент Шавкат Мирзиёев 17 январь куни мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

 

Унда ихтисослаштирилган мактаблар қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Давлат раҳбари жорий  йил экспорт миқдорини 14 миллиард долларга чиқариш режада экани  ва 2025 йилга қадар мамлакат ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга, экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни мақсад қилгани хусусида гапирди. Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиши белгиланди.

 

– Бу Агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Янги  ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 2 та, туман ва шаҳарларда 1 тадан  мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган бўлди.

 

Унга кўра, ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда ишчи гуруҳ тузиб, ҳудудлардаги шароитларни ўрганиш, танланган мактабларни янги стандартлар асосида ўқув йилига тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

 

Президент таълим-тарбия мазмунига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

 

– Ихтисослаштирилган мактаб дегани 2 соат кўп дарс ўтиш дегани эмас. Унда болалар махсус фан бўйича тўлиқ билимга, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Ўқувчиларда миллий руҳ, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлиши керак, – деди Президент.

 

Мактаб таълимини ривожлантиришга маҳаллий ҳокимликлар, университетлар ҳам масъул экани, ўзлари учун истиқболли кадрлар захирасини тайёрлаб бориши зарурлиги таъкидланди.

 

Таълим даражаси, аввало, ўқитувчининг билим ва малакасига боғлиқ. Шу боис ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади.

 

Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.

 

Агентликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази негизида илмий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. У ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро методика асосида илғор таълим дастурлари ишлаб чиқиш билан шуғулланади. 

 

Бу ишларни самарали ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда Президент таълим муассасалари агентлигининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши белгиланди.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент таълим муассасалари агентлиги 300 нафардан зиёд педагогларга халқаро сертификат тақдим этгани  ҳамда Нурафшонда Президент мактаби очилгани ҳақида хабар берилганди.

 

Чўлпоной Аҳмедова

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика