2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Москва шаҳрида муҳожирларни назорат қилиш имконини берувчи янги электрон дастур ишга туширилади. Бу ҳақда пойтахт мэри Сергей Собянин “Интерфакс” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Собяниннинг сўзларига кўра, мазкур тизим мигрантларни кузатиш ва тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у Москва вилоятида тажриба тариқасида жорий этилади. Шунингдек, барча аэропортларда муҳожирлар устидан биометрик назорат ўрнатилгани қайд этилди.
Янги тизим доирасида мигрантларга махсус “электрон карта” берилади. Ушбу карта орқали уларнинг шахсий маълумотлари, мамлакатга келган санаси, яшаш ва ишлаш муддати, миграция қоидабузарликлари ҳақида тўлиқ маълумотлар сақланади.
“QR-код орқали полиция шахс ҳақидаги барча маълумотни бир зумда кўра олади. Агар тизимда қизил сигнал ёнса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни текшириши шарт бўлади. Яшил чироқ ёниб қолган тақдирда эса қўшимча саволлар туғилмайди”, — дея таъкидлади Москва мэри.


