Ўзбекистонда сабзи нархи кескин кўтарилди
Ушбу маҳсулотларнинг ўртача нархи 2022 йилга нисбатан 57 фоизга юқори.

Ўзбекистонда сабзи нархи кетма-кет иккинчи ҳафта кўтарилмоқда, сўнгги икки ҳафта ичида ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари 22 фоизга ошди. Шу билан бирга, жорий улгуржи нархлар ўтган йилги даражадан бир ярим баравар юқори, дейди EastFruit таҳлилчилари.
Нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 28 июлидан 11 августига қадар Ўзбекистонда жорий йил ҳосили етиштирилган сабзи ўртача улгуржи нархи 4500 сўмдан 5500 сўмгача ошган. Шу билан бирга, 11 август ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотларнинг ўртача улгуржи нархи 2022-йилнинг шу санасига нисбатан 57 фоизга юқорилигича қолаётгани таъкидланган.
«Ўтган ҳафтада жорий йил ҳосилидан олинган сабзи улгуржи нархлари жорий мавсумда биринчи марта кўтарилди, кейинги ҳафтада эса нархлар ўсишда давом этди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда жорий йил ҳосили сабзи учун ушбу улгуржи нархлар EastFruit халқаро гуруҳи мева ва сабзавотларнинг улгуржи нархларини ҳафталик мониторинг қилиб борувчи давлатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
Жумладан, 11 август ҳолатига кўра, жорий йил ҳосилининг сабзи ўртача улгуржи нархи (1 кг учун АҚШ долларида): Грузия – 0,61 доллар; Ўзбекистон – 0,46 доллар; Молдова - 0,45 доллар; Украина - 0,38 доллар; Польша - 0,27 доллар; Тожикистон – 0,23 доллар.







