Ўзбекистон

Президент Ўзбекистон xалқини Қурбон ҳайити билан табриклади

“Ер юзида доимо тинчлик ва осойишталик барқарор бўлсин!”, дейилади байрам табригида.

Президент Ўзбекистон xалқини Қурбон ҳайити билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳалқига Қурбон ҳайити муносабати билан байрам табриги йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

 

“Муҳтарам ватандошлар!

 

Сиз, азизларни, бутун халқимизни тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларидан тобора обод ва мунаввар бўлаётган юртимизга кириб келган Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

 

Ушбу саодатли дамларда барчамиз бу улуғ айёмнинг руҳи ва шукуҳини чуқур ҳис этиб, эл-юртимиз билан биргаликда шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.

 

Халқимиз ҳаётида эзгулик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик рамзи сифатида мустаҳкам қарор топган Қурбон ҳайити бугунги кунда биз учун барча соҳаларда инсон қадри етакчи ўринга чиқаётган Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятли бўлиб бормоқда.

 

Айниқса, маҳалла ва хонадонларимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар ҳақида ғамхўрлик қилиш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмасликка қаратилган эзгу ишларимизда муқаддас динимиз, унинг инсонпарварлик моҳиятини ўзида яққол ифода этадиган ушбу файзли байрам биз учун ибрат мактаби, куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

Азиз дўстлар!

 

Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу ёруғ кунларда кейинги йилларда мамлакатимизда азалий диний қадриятларимизни тиклаш, муқаддас қадамжоларни обод қилиш борасидаги улкан ишлар, юртимиз мўмин-мусулмонларининг ибодат арконларини, жумладан,
ҳаж ва умра зиёратларини эркин амалга оширишлари учун яратиб берилаётган қулай шароитлар ҳақида  сўз юритишимиз табиийдир.

 

Қисқа муддатда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий марказлари ташкил этилди. Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний, Сузук ота ёдгорлик мажмуалари тубдан обод қилинди. Янгитдан барпо этилаётган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида қурилиш ва жиҳозлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Шулар қаторида шаҳар ва қишлоқларимизда кўплаб муҳташам масжидлар барпо этилмоқда.

 

Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртимиз мусулмонлари ҳаж амалларини бажардилар. Шу кунларда яна 15 минг нафар ватандошимиз икки муқаддас шаҳар – Макка ва Мадина зиёратига бориб, ўзларининг эзгу орзуларини амалга оширмоқдалар.

 

Пок ниятлар ижобат бўладиган мана шундай илоҳий лаҳзаларда уларнинг барчасига чин дилдан ҳаж ибодатларини тўлиқ адо этиб, юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини тилаймиз.

 

Ҳайит байрами арафасида Маккаи мукаррамада бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, ҳурматли муфтийимиз шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали бўлган мулоқотимизда юртдошларимизнинг муқаддас ҳаж ибодатини мукаммал адо этишлари учун барча шароитлар яратилганини у киши алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Умид қиламизки, ҳожиларимиз Ватанимизга қайтгач, жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ҳамда оилалар тотувлигини кучайтиришда ибрат ва намуна кўрсатадилар.

 

Муҳтарам юртдошлар!

 

Мана шу қутлуғ лаҳзаларда турли заруратлар билан хорижий элларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам самимий табриклаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.

 

Дунёнинг узоқ-яқин мамлакатларидаги диндошларимизга ҳам қизғин қутловлар йўллаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.

 

Илоҳим, жаҳоннинг турли минтақаларида давом этаётган уруш ва жанжаллар тезроқ барҳам топсин! Ер юзида доимо тинчлик ва осойишталик барқарор бўлсин!

 

Азиз ва қадрли дўстлар!

 

Бугун биз кўпмиллатли халқимиз билан бирга Янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Янги Ўзбекистон – бу янги ҳаёт, янги тараққиёт, бахтли келажак дегани.

 

Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, бошлаган ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирсак, бу улуғ мақсадга сўзсиз етамиз.

 

Фарзандларимизни албатта билимли, ҳунарли, одобли инсонлар, чинакам ватанпарвар авлод этиб вояга етказамиз.

 

Шу йўлда барчамизга бахт ва омад ёр бўлсин!

 

Эл-юртимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!

 

Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

 

Улуғ айём барчамизга муборак бўлсин!”, дейилади табрикда.

 

custom img

Наманганда собиқ банк раҳбари 20 минг доллар пора билан қўлга тушди

У ер майдонининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан жами 29 минг доллар талаб қилган.

custom img

Ўзбекистонда оила аъзоларини яшаш жойида рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилади

Лойиҳага кўра, оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдони бўйича чекловлар бекор қилиниши мумкин.

custom img

Деновда уйи бузилган фуқаролар ноқонуний қурилиш ҳақида бир неча бор огоҳлантирилган

Олий суд Денов туманида бузилган уй-жой юзасидан расмий баёнот берди.

custom img

Ўзгидромет кучли шамол ва чанг-тўзон кўтарилишидан огоҳлантирди

Пойтахтда ҳам шамол тезлиги 12–14 м/с гача кучайиши прогноз қилинмоқда.

custom img

Сурхондарёда фуқаролар икки ЙПХ ходимини калтаклади

Дамасъни маст ҳолда бошқариб кетаётган ҳайдовчи ЙПХ ходимларидан қочишга уринган ва унинг яқинлари хизмат вазифасини бажараётган ИИО ходимларига қаршилик кўрсатиб, икки нафар ходимга тан жароҳати етказган.

custom img

Ўзбекистонда йил бошидан буён иш жойларида 146 киши ҳалок бўлди

Январь–июль ойларида меҳнат фаолияти билан боғлиқ 529 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган.

custom img

“Долзарб 40 кунлик”: Ўзбекистонда ҳар куни 20 минг тоннагача чиқинди олиб чиқилмоқда

Тозалик ва ободонлаштириш ишлари 3,6 мингдан ортиқ маҳаллани қамраб олган.

custom img

Навоий шаҳaр ҳокимлиги АI ёрдамида тайёрланган ободонлаштириш суратлари учун узр сўради

Ҳокимлик ахборот хизматига кўра, материалларни тайёрлашда сунъий интеллект элементларидан фойдаланилган ва улар тегишли текширувдан ўтказилмасдан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"