1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Қирғизистoндан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кирган шахслар ушланди

ДХХ Zamon.uz’га тавсилотларни маълум қилди.

Қирғизистoндан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кирган шахслар ушланди

Наманган шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 246 ва 2511-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс эски одатини қўмсаб, Қирғиз Республикасидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келиб сотиш орқали мўмай даромад топишни режа қилади.

 

Бу мақсадда у қирғизистонлик танишига алоқа чиқиб, катта партиядаги дори воситаларини етказиб беришини сўрайди.

 

Ўз навбатида Қирғиз Республикаси фуқароси 16755 дона “Regapen” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали Косонсой туманига олиб келиб, хўфия жойга қолдиради.

 

Наманганлик шахс эса ушбу дори воситаларини Косонсой туманидан Наманган шаҳрига келтириб бериши учун ўзининг ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилади.

 

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда курьер дори воситаларини хўфия жойдан олиб кетаётган вақтда ушланди.

 

Шунингдек тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмачи ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

 

Ҳозирда ушбу 2 нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми ва 2511-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс ўзининг “Трекер 2” русумли автомашинасида “Фарғона–Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилди.

 

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 11200 дона “Regapen” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.

 

Терговгача текширув давомида, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинганлиги аниқланди.

 

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 1-қисми ва 2511-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика