Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат халқига қилган мурожаатида янги — Сунъий интеллект вазирлигини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу қадам Қозоғистоннинг рақамли трансформация жараёнларини янги босқичга олиб чиқади.
Президент нутқида “Рақамли код тўғрисида”ги қонунни тезкор қабул қилиш зарурлиги ҳам қайд этилди. Мазкур ҳужжат рақамлаштиришнинг асосий йўналишлари — сунъий интеллект, платформа иқтисодиёти, катта маълумотлардан фойдаланиш ва бошқа долзарб соҳаларни қамраб олиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Тоқаевнинг фикрича, янги технологик даврнинг тўлақонли иштирокчисига айланиш учун давлат бошқаруви тизими шаффофлик, самарадорлик ва инсон манфаатларига йўналтирилганлик тамойиллари асосида тубдан қайта қурилиши талаб этилади. Шу боис, мавжуд вазирликларнинг фаолияти қайта кўриб чиқилиб, уларнинг негизида янги Сунъий интеллект вазирлиги шакллантирилади.
Мазкур ташаббус Қозоғистонни минтақада илғор технологик марказлардан бирига айлантириш, иқтисодиётда инновацион ривожланишни жадаллаштириш ҳамда глобал рақамли майдонда давлатнинг ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.


