2025 йилнинг дастлабки саккиз ойи якунига кўра, Россияга ташриф буюрган хорижий фуқаролар орасида энг катта оқимни Ўзбекистон фуқаролари ташкил этди. РИА Новости томонидан эълон қилинган таҳлил натижасига кўра, йил бошидан бери 1,8 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Россия давлат чегарасидан ўтган.
Ташрифларнинг асосий қисмини меҳнат миграцияси ташкил қилмоқда — 1,3 миллион фуқаро айнан иш фаолияти билан боғлиқ сабаблар туфайли Россияга йўл олган. Қолган ташрифларнинг сезиларли қисми шахсий сафарлар (291 минг киши), шунингдек, таълим мақсадида келганлар улуши ҳам қайд этилган.
Рейтингда Ўзбекистон ортидан Қозоғистон (1,5 миллион киши), Тожикистон (800 минг киши), Хитой (760 минг киши) ва Қирғизистон (500 минг киши) фуқаролари Россияга энг кўп ташриф буюрган давлатлар сифатида қайд этилди.
Мутаҳассисларнинг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги яқин иқтисодий ва меҳнат алоқаларини акс эттиради. Шунингдек, мигрантлар томонидан юбориладиган пул ўтказмалари минтақа мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон иқтисодий барқарорлигида муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилган.


