Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича бугундан бошлаб, вазир Абдуқодир Тошқулов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалий ишлар олиб борилади.
Асосий эътибор олий таълимдаги ислоҳотлар, илм, фан ва ишлаб чиқаришдаги интеграциялар, ахборот-ресурс марказлари фаолияти, молиявий, академик мустақиллик берилган таълим муассасаларига амалий кўмак бериш, илмий салоҳият, таълим жараёнининг қай даражада ташкил этилгани, масофавий таълим, кредит-модуль тизими, талабалар турар жойларида яратилган шарт-шароитлар, коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмлари жорий этилганлиги каби мезонларга қаратилади.
Асосий мақсад олий таълим муассасаларининг таълим жараёнини тўғри йўлга қўйиш, таълим сифатини ошириш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш, рақамли технологияларни тўлиқ жорий этиш орқали таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришдан иборат.
Ўрганиш жараёнидаги ютуқлар ва тажрибалар кенг оммалаштирилади, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрланади.
Барча ўрганишлар телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам ёритиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент кимё-технология институти "супер-контракт"дан воз кечиши ҳақида хабар берилганди.


