Россияда НАТОнинг 12,7 Х 99 миллиметр ўлчамдаги патронларини отоладиган дунёдаги биринчи кўп калибрли “Равагер” милтиғи ишлаб чиқилди.
"Равагер”да икки хил калибрли патронларни бирданига ўзгартириш имконияти мавжуд. Бу бошқа снайперларда мавжуд эмас. Бу экспорт истиқболларини сезиларли даражада оширади”, — дейди Lobaev Arms корхонаси бош директори Владислав Лобаев.
Мутахассиснинг фикрича, янги милтиқнинг асосий афзаллиги унинг модуллилигидир.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, янги қурол 0,5 камон дақиқали отиш аниқлигига эга. Бу 12,7 калибрли қурол учун ноёб қулайликдир. Қурол бу имконияти билан Америка “баррет”ига қараганда тўрт баравар аниқроқ отади(маълумот учун: АҚШ “баррет”и 2 ёй дақиқали отиш аниқлигига эга).
“Равагер”да бундай юқори аниқлик билан ишлаш аскарга анча енгиллик беради. Чунки мерган бу қурол билан эндиликда энг қийин вазифаларни ҳам бехато бажариши мумкин. Масалан, душман снайпер бўлинмаларига қарши курашда “Равагер” анчагина устунлик беради.
Снайпернинг оғирлиги 13 кг бўлиб, “думба” қисми амортизатор билан жиҳозланган. Бу ҳам мерганга афзаллик беради, яъни орқага қайтиш зарба таъсирини сезиларли даражада камайтиради.
Маълумот учун, Lobaev Arms ишлаб чиқиш компанияси ҳозирги кунга қадар энг узоқ масофали ўқотар қуролларга эга. Масалан, "Twilight" милтиғи билан нишонни 2,5 километр масофада аниқ отиш мумкин. Аслида эса милтиқ ўқи 4,2 километр масофагача учолади.
Аввалроқ, яқин орада Эронда ҳам ядро бомбаси бўлиши ҳамда Жо Байден Тайванга қурол сотишни маъқуллагани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


