Кеча, 24 ноябрь куни “Тошкент-Марказий” вокзалида Россиядан Ўзбекистонга етиб келган поезднинг кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумот учун, “Агроекспресс” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш доирасида, логистика коридорларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия темир йўллари ишини бирлаштирган. Келган юк музлаткичли контейнерларда ТсНА (Россия Федерациясининг Жануби-Шарқий темир йўл) юк стансиясидан Қозоғистон орқали транзит йўл билан Сергели стансиясига (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ) олиб келинган.
Поезд Тошкентга музлатилган парранда гўшти партиясини етказиб берди. Тажриба сифатида контейнерлар партияси чегара ва божхона тартиб-қоидаларидан ўтишни, маршрут бўйлаб товарлар хавфсизлиги сифатини синовдан ўтказиш имконини берди ҳамда кейинги қатновларгача юкларни етказиб бериш жараёнини соддалаштириш ва такомиллаштириш имкониятларини кўрсатди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатлар ўртасида “Aгроэкспресс”нинг барча технологик ва назорат масалалари ишлаб чиқилгандан сўнг улар мунтазам ва тўлақонли бўлади.
Аввалроқ, Ўзбекистон ва Афғонистон икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши ҳамда эндиликда фуқаролар поездлар ҳаракатланишини онлайн кузатиш мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Мафтуна Режаббоева


