SpaceX компаниясининг телекоммуникация бўлими Starlink 3 февралга қадар Венесуэла аҳолиси учун бепул ва узлуксиз кенг полоса интернет хизматини тақдим этади. Бу ҳақда компания ижтимоий тармоқлардаги расмий баёнотда маълум қилган.
Илон Маск ушбу қарорини Венесуэла халқини қўллаб-қувватлаш нияти билан изоҳлади. Миллиардер ўзининг X ижтимоий тармоқ саҳифасида: “Венесуэла халқини қўллаб-қувватлаш учун” деб ёзди ва пост охирига Венесуэла байроғини қўшди.
3 январга ўтар кечаси Қўшма Штатлар Венесуэлада ҳарбий операцияни бошлади. Каракас ва бошқа стратегик ҳудудлардаги нишонларга ракета зарбалари берилди, натижада президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес қўлга олинди ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилди.
Қўшма Штатлар Бош прокурори Пам Бонди таъкидлаганидек, Мадуро ва Флорес “наркотерроризм, қурол сақлаш ва гиёҳванд моддалар контрабандаси” бўйича айбланиб, Қўшма Штатларда суд қилиниши режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Венесуэла Олий суди Конституциявий палатаси вице-президент Делси Родригесни вақтинчалик президент этиб тайинлади.


