1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

Талабани "таксист ака"лари қўлига ташламанг!

Хабарингиз бор, давлатимиз томонидан вилоятларга қатновчи транспорт воситаларига чегирмалар жорий қилинди. Албатта, мазкур тартиб ҳар йили амалда. Бироқ бу йилги чегирмалар талабанинг оғирини қанчалик енгил қилди?

Талабани "таксист ака"лари қўлига ташламанг!

 

Жорий йил Олий таълим муассасаларига олдингидан ҳам кўп абитуриент қабул қилинди. Бунга исбот қилиб ўқув йили бошлангандан турар жой муаммоси кўтарилганини айтиш мумкин. Шундай экан талабанинг бир йилда бир марта уйига кетишига сабаб бўладиган байрам олди жараёнларида кўриладиган чегирмаларни ҳам бир мунча кенгайтириш керак эди. Мисол учун, қўшимча транспортларни жорий қилиш, қўшимча рейслар ташкил этиш ва ҳоказо.

 

Ёлғон бўлмасин, чора-тадбир кўрилмоқда. Масалан, биз Тошкент автовокзали билан боғланганимизда Тошкент-Сурхондарё йўналишида кунига 6-7 та автобус қатнаётганлигини айтишди. Одатда, 3 та автобус қатнайдиган йўналишга энди 2 баробар қўйилгани, албатта, чора кўрилаётганини кўрсатади, бироқ танганинг бошқа томони ҳам бор.

 

Битта автобусда 50 та ўрин бор, дейлик. 7 та автобусга 350 нафар йўловчи сиғади. Кунига 350 нафар йўловчини Сурхондарёга ташиш орқали Тошкентдан Сурхонга кетадиган йўловчиларнинг эҳтиёжини қоплаб бўладими? Айнан янги йил олди, Олий таълим муассасаларида таътил эълон қилинган вақтда ажратилган автобуслар талабаларнинг қанчасини вилоятларга ташиб улгуради?

 

Поезд ҳақида гапирилганда шошилмаслик керак. Негаки Тошкент-Сурхон йўналиши фақат Сурхон халқини ташимайди. Бу йўналиш орқали қатнайдиган Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё йўловчилари ҳам бор. Шундай экан, мазкур жамоат транспорти уйга кетадиганлар эҳтиёжининг 5 фоизини қоплайди, холос. Қўшимча вагонларга тўхталадиган бўлсак, бу ҳақида ҳам суриштирдик. Албатта, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ўз Телеграм каналида қўшимча вагонлар бўйича хабар берган, аммо биз сўраб-суриштирганимизда вокзалдаги ходимлар бундан бехабарлигини, очиғи қайси кундан бошланишини билмаслигини айтишди.

 

Uzbekistan Airways билан боғланганда эса самолётлар тўлиб бўлганлиги маълум бўлди. Буни тўғри тушунса бўлади. Чунки ҳаво йўли транспорти орқали вилоятларга қайтадиганлар фақатгина талаба эмас. Қизиғи, бизнинг талабалик шароитида самолётда қатнаш бажариб бўлмайдиган ишдек кўринади.

 

Шундай бўлсада, суриштирувларимиздан аниқ бўлдики, чегирмалар ҳали эълон қилинмасдан аввал жойлар банд қилинган.

 

Талаба халқи бу йил турар жой масаласида жуда кўп қийналгани рост. Ижара пулининг ярими тўлаб берилишига келсак, баъзи ижарачилар бунга кўнди, баъзилари эса чиқиш жойини эслатиб қўйди. Энди эса уйга кетиш муаммоси. Бир амаллаб тураржой пулини тўлаб, “қайдасан ота макон?” дея вилоятига отланган талабанинг аҳволини энди кўринг.

 

Ҳа, айтганча, айни вақтда вилоятларга қатновчи таксистларнинг ошиғи олчи. Битта нархни келишиб олган ҳайдовчилар йўловчини ўзининг ноғорасига ўйнатишини айтмайсиз. Талаба бечора “стоянка”га бораверишда чўнтагидаги пулини бир қайта санаб олишини кўз олдингизга келтирсангиз, ҳақиқатдан ҳам унга ачинасиз.

 

Ўтган йили уйга кетишда “бир йўл” қилган талабанинг ҳикояси, албатта, мароқ қилиб эшитиладиган:

“Сурхондарёга жой қолмагани учун Андижон-Термиз йўналишида Сирдарёга деб чипта сотиб олдим. Мақсадим - Сурхонгача кетадиган поездга “илиниш” эди.  Чиқиб олгач кейинги масала чиптани текширадиган назоратчидан “ўтиш” бўлди. Бироқ раҳми келдими, назоратчи “ёрдам” қилди. Албатта, мен ҳам унинг хизматига яраша ҳақ тўладим. Хуллас, менга ўхшаб йўлини қилганлар, қилаётганлар кўп. Бу адолатли бўлса-да, қонунан хато ҳисобланади. Бироқ биз ҳам янги йилни оила даврасида ўтказишни хоҳлаганимиз учун шундай йўл қилишга мажбур бўлдик”, - дейди бечора талаба.

 

Унинг айтишича, ўша вақти уйига кетиш учун биргина қонуний йўл - енгил автомобиль бўлган. Бироқ нарх шунчалик ўсиб кетганки, эшитган одамни сескантирадиган даражада.

 

Афсуски ҳозирги шароит олдингидан ҳам бошқача. Айрим эмас, айримдан анча кўп бўлган вилоятга қатновчи ҳайдовчиларга ўша куни кўплаб талабалар инсоф тилайди.

 

Чегирма-ку майли, доимги нархни икка ҳисса қилиб ҳақ сўрайдиган “таксист” акаларнинг ўша куни айтадиган гаплари бор:

Сенинг кунинг бугун

Кунинг бугун сенинг.

 

Хуллас, байрам олди кунлар "таксист"ларнинг отни қамчилайдиган палласи бўлади. Бундай пайтда талаба қандай аҳволда, унинг чўнтагида нима бор, пулни кимдан оляптибундай муаммо ҳеч кимни қизиқтирмайди.

 

Талабанинг дарди эса йил сўнгида ҳам охирги йирик чиқимини қилиб, уйига жўнаш, тамом-вассалом.

 

Ҳа, бу муаммо ҳар йили “чайналади”. Бироқ бу йилгиси бошқача бўлиши керак. Негаки аввалгига қараганда жорий йил пойтахтга одамларнинг оқиб келиши а-анчага кўпайди.

 

Муаммога ечим излайдиган бўлсак, фақат талабалар учун алоҳида қатновлар, рейслар қўйишни маслаҳат берган бўлардик.

 

Шунингдек, чегирмаларни эълон қилиш бир ҳафта олдин эмас, бир ой олдин бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ана шундан кейингина баъзи бир талабалар ғафлатда қолмайди. Пули тушганда чипта сотиб олади ёки ўқишдан таътил берилмасдан уйига югурмайди.

 

Мақола сўнгида айтадиган сўзимиз бор. Бу албатта эгасини топадиган гаплар:

 

Талабани таламанг! У ҳам кимнидир боласи. Тўғри, айни вақтда “хўрак” бўлиши мумкин, бироқ ижтимоий келиб чиқиши қандайлигини билиб бўлмайди.

 

Аввалроқ кўчада қолган талабалар фарёди ҳақида мақола берилганди.

 

Оламгир Абдиев

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика