Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг мурожаати эълон қилинди.
Мурожаатда Ташиев лавозимидан озод этилгани ўзи учун кутилмаган бўлганини билдирган. Унга кўра, у аввал ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг тиббий кўрикдан ўтиш учун давлат раҳбарининг рухсати билан чет элга сафар қилган. Шунга қарамай, у давлат раҳбарининг қарори ҳар қандай шароитда ҳам бажарилиши лозимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, мурожаатда Ташиев давлат ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилганидан фахрланишини билдирган.
"Мен давлатимизга, халқимизга ва президентимизга шараф билан хизмат қилдим ва бундан фахрланаман. Менинг ягона афсусланишим шундаки, менга ходимларим билан хайрлашиш имконияти берилмади. Мен ҳар бир ГКНБ ходимига миннатдорчилик билдираман ва уларга муваффақиятлар тилайман!", дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Қамчибек Ташиев 10 февраль куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимларидан озод этилгани маълум қилинган эди.


