Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Солиқ қўмитаси тадбиркорларнинг ҳисобидан катта миқдорда маблағ ечиб олингани ҳақидаги хабарлар тарқалгани маълум қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, маълумотлар базасида юзага келган техник носозлик сабабли 30,1 минг солиқ тўловчининг ҳисобидан жами 399,3 миллиард сўм асоссиз маблағ ечиб олинган.
Мазкур ҳолат натижасида:
7 203 нафар тўловчидан – 100 минг сўмгача;
10 165 нафар тўловчидан – 100 минг сўмдан 1 млн сўмгача;
8 270 нафар тўловчидан – 1 млн сўмдан 10 млн сўмгача;
3 780 нафар тўловчидан – 10 млн сўмдан 100 млн сўмгача;
672 нафар тўловчидан – 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача;
10 нафар тўловчидан – 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ечилган.
Солиқ органлари маблағларни бугунги кун охиригача тўлиқ қайтариш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда. Қайтариш жараёни автоматик равишда амалга оширилади ва солиқ тўловчилардан ёзма мурожаат талаб этилмайди.
Бугунги соат 18:00 ҳолатига 20 608 та субъектга 274,7 млрд сўм қайтарилган. Шунингдек, тижорат банкларида ижроси бажарилмаган инкассо топшириқлари ҳам бекор қилинган.


