3 февраль куни айрим интернет манбаларда давлат тизимларидан фуқароларга оид маълумотлар сиздирилгани ҳақида хабарлар берилган эди.
Мазкур хабарлар фонида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторларининг ахборот тизимларига киберҳужум уюштирилгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Марказий банк мазкур маълумотларни рад этди.
Марказий банк матбуот хизмати билдиришича, ҳозирги вақтга қадар тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизими операторларининг ахборот тизимларига нисбатан киберҳужум содир этилгани қайд этилмаган.
Шу муносабат билан фуқаролардан қуйидагиларга қатъий амал қилиш сўралди:
- номаълум ва шубҳали манбалар орқали тарқатилаётган ҳаволаларга кирмаслик;
- шахсий маълумотлар, жумладан банк карта реквизитлари, СМС-кодлар ва паролларни ҳеч кимга бермаслик;
- фақат расмий манбалар орқали эълон қилинган ахборотларга ишониш;
- шубҳали ҳолатларга дуч келинганда тегишли ваколатли органларга мурожаат қилиш.
Бу борада Киберхавфсизлик маркази ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси ўз ахборот тизимларининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланганини, ташқи кириш ҳолатлари аниқланмаганини билдирган эди.


