1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Тижорат банкларида OneID сабаб мижозларни идентификация қилиш талаб этилувчи хизматларда чекловлар кузатилмоқда

15 миллионга яқин фуқаронинг шахсий маълумотлари тарқалгани ҳақидаги хабарлар ортидан банклар онлайн микроқарз ва идентификация хизматларини вақтинча чеклагани айтилмоқда.

Тижорат банкларида OneID сабаб мижозларни идентификация қилиш талаб этилувчи хизматларда чекловлар кузатилмоқда

 

Бугун ижтимоий тармоқлар ва қатор ахборот каналларида Ўзбекистон тижорат банклари фаолияти билан боғлиқ муҳим техник ва хавфсизликка оид масалалар кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, айрим банкларнинг мобил иловаларида онлайн микроқарз олиш имконияти вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу чекловлар эҳтиёт чораси сифатида жорий этилгани ва фуқароларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

 

Айни пайтда OneID ягона идентификация тизимидаги техник ҳолатлар сабабли ҳам қатор банк хизматларида узилишлар кузатилаётгани маълум қилинмоқда. Хусусан, мижозларни идентификация қилиш талаб этиладиган хизматлар — кредит расмийлаштириш, валюта айирбошлаш, омонат очиш, пластик карта расмийлаштириш ва ҳисоб рақам очиш жараёнларида қийинчиликлар юзага келмоқда. Банк тизимлари OneID орқали мижоз маълумотларини олиш учун фойдаланувчининг электрон рақамли имзо (E-имзо) орқали алоҳида рухсатини талаб қилмоқда. Ушбу рухсат берилмагунча идентификация жараёни тўлиқ амалга ошмаяпти ва хизматлар вақтинча чекланмоқда.

 

Банкирлар ва соҳа мутахассислари ушбу ҳолат алоҳида бир банк билан боғлиқ эмаслигини, балки марказлашган идентификация тизимига боғлиқ техник омиллар билан изоҳланаётганини қайд этмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги носозликлар бартараф этилгач, хизматлар одатдаги тартибда тикланиши кутилмоқда.

 

Мазкур вазият фонида яна бир жиддий хавотирли хабар ҳам муҳокама қилинмоқда. Ижтимоий тармоқлар ва айрим манбаларда камида 15 миллион нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари тарқалгани ва Dark Web'га жойлаштирилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу базаларда фуқароларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари ва бошқа муҳим шахсий маълумотлари бўлиши мумкин.

 

Ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги расмий муносабат билдириб, дастлабки ўрганишлар маълумотларнинг тарқалиш ҳолати идоранинг аввал фойдаланилган эски маълумотлар базаси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тасдиқлади. Агентлик айни пайтда вазият чуқур ўрганилаётганини ва барча зарур хавфсизлик чораларини кўраётганини маълум қилди. Шунингдек, Киберхавфсизлик маркази ҳам ушбу ҳолат юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.

 

Манбаларга кўра, сизиб чиққан маълумотлар турли давлат ташкилотлари ахборот тизимларида сақланган бўлиши мумкин. Жумладан, айрим маълумотлар солиқ органлари, ижтимоий ҳимоя тизими ва бошқа давлат идораларининг эски базаларига тааллуқли бўлиши эҳтимоли тилга олинмоқда.

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, айнан шу каби хавфсизликка оид эҳтимолий таҳдидлар сабаб банклар вақтинча қўшимча ҳимоя чораларини жорий этган бўлиши мумкин. Хусусан, масофавий идентификация ва автоматик кредит ажратиш тизимлари вақтинча чекланиши молиявий фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган эҳтиёт чораси сифатида баҳоланмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика