Сўнгги кунларда айрим савдо расталарида эълон қилинган нархлардан фарқли равишда маҳсулот сотилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар аҳолининг эътирозига сабаб бўлди.
Шу муносабат билан, арзонлаштирилган маҳсулотлар савдоси ташкил этилган бозор расталарида нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик ва жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида янги чоралар белгиланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, Миробод деҳқон бозори ҳамда “Эски Жува” (Чорсу) бозорида кузатув камералари ўрнатиш ишлари якунланди. Эндиликда ушбу техник назорат тизими орқали савдо жараёнида тартиб бузилиши ёки ортиқча нарх қўшилишининг олди олинади.
Мазкур лойиҳа доирасида пойтахтнинг бошқа йирик бозорларида ҳам кузатув камераларини босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган.


