Аввалроқ Тошкент вилоятининг бир нечта туманидаги боғчаларда болалар овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик. Болалар омбудсмани қўшимча маълумот бериб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.
Қайд этилишича, дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб берилган, оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги вилоят бошқармаси ҳамда Пискент, Бўка ва Оққўрғон туман бўлимлари мутахассислари томонидан ДМТ муассасаларининг ошхоналари кўздан кечирилиб, болалар суткалик истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда тегишли тартибда текширилмоқда.
“Болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳар қандай вазият мутасадди идораларнинг алоҳида назоратида ўрганилади”, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


