Тошкент шаҳрида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаган 7 та бино фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 5 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида одамлар кўп тўпланиши мумкин бўлган объектларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан Давлат ёнғин назорати томонидан режа асосида текширувлар ўтказилган.
Назорат тадбирлари давомида Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яккасарой, Янгиҳаёт, Юнусобод ҳамда Яшнобод туманларида жойлашган жами 7 та бино ва иншоотда ёнғин хавфсизлиги талабларининг қўпол равишда бузилгани аниқланган. Ушбу камчиликлар фуқаролар ҳаёти учун хавф туғдириши мумкинлиги сабабли, мазкур объектлар фаолияти аниқланган нуқсонлар тўлиқ бартараф этилгунига қадар вақтинча тўхтатилган.
Масъул идоралар маълумотига кўра, ҳозирда тадбиркорлик субъектлари томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги тизимларини меъёрий талаблар даражасига келтириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 31 январ куни Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида жойлашган «Авиатор» савдо-кўнгилочар марказида юз берган ёнғин оқибатида 3 ёшли қизалоқ вафот этган эди. Мазкур ҳолат юзасидан, Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотларида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларининг суиистеъмол қилиниши (ЖК 192-11-моддаси) ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш (ЖК 259-моддаси) ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.


