Тунис ташқи ишлар вазири Усмон Жеранди Ражаб Тоййиб Эрдўғанни мамлакат ички ишларига аралашишда айблади. Бу ҳақда у Twitter саҳифасида ёзган.
"Туркия ташқи ишлар вазири билан телефон мулоқоти ўтказдим. Бундан ташқари, турк элчиси ТИВга чақирилди. Мен уларга Тунис президент Эрдўғаннинг баёнотларини рад этиб, уни мамлакат ички ишларига аралашув сифатида баҳоланишини маълум қилдим", — деб ёзган Жеранди.
Шунингдек, у икки давлат муносабатлари Тунис мустақиллигини ҳурмат қилиш тамойилига асосланиши лозимлигини қайд этган.
Жеранди норозилигига Эрдўғаннинг Тунис парламенти тарқатиб юборилганини қоралаши сабаб бўлган. Туркия раҳбари бу тадбирни "Тунис халқи озодлигига зарба ва демократияга тушган доғ" сифатида баҳолаган. 30 март куни Тунис президенти Каис Саид мамлакат парламентини тарқатиб юборди.
Аввалроқ Эрдўған газ сабаб Россияга қарши санкция жорий эта олмаслигини айтганди.


