АҚШ Яқин Шарқдаги ҳамкорлари билан Эронни тийиб туриш мақсадида денгиз ва ҳаво дронлари гуруҳини тузмоқчи. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси хабар берди.
Нашрга кўра, ҳозирча бу лойиҳанинг кўлами ва дронлардан фойдаланиш методлари ҳақида маълумотлар очиқланмаяпти. Аммо Вашингтон кейинги йил 100 га яқин разведка дронлар билан Сувайшдан туриб Эрон соҳилларини кузатишга умид қиляпти. Лойиҳа олти ойдан буён ишлаб чиқилмоқда. Унда Саудия Арабистони ва Исроил ҳам иштирок этиши мумкин.
"Фикримча, биз учувчисиз технологиялар инқилоби остонасида турибмиз", — деган АҚШ флоти капитани Майкл Брассер.
Қўшимча қилинишича, қурилмаларга ҳеч қандай қурол ўрнатилмайди. Қўшма Штатлар келажакда ушбу тажрибадан дунёнинг бошқа чеккаларида ҳам фойдаланмоқчи.
Аввалроқ Пентагон Сурияда Эрон билан боғлиқ гуруҳларга ҳужум қилганди.


