энг долзарб
|
21 Ноябр 08:03
514
энг долзарб
|
21.11.2021, 08:03
514

Халқ таълими вазирлиги мега-танлов эълон қилди

Танловда республика бўйича ғолиб бўлган ўқувчилар агар кейинги икки йил давомида давлат ОТМларидан бирига ўқишга кирса, 1 йилдан 3 йилгача контракт суммалари тўлаб берилади.

 

Жорий йилнинг 20 ноябридан – 20 декабригача бўлган даври мобайнида “Менинг Президентим” мавзусида ўтказиладиган мазкур танлов 10-, 11-синфлар ўртасида бўлиб ўтади. У тўрт босқичда, яъни мактаб, туман(ёки шаҳар), вилоят ва республика тарзида амалга оширилади.

 

Танловни ўтказиш тартиби:

✅ мактаб босқичида “Янги Ўзбекистон мени нигоҳимда” мавзусида эссе ёзиш;

 

✅ туман (шаҳар) босқичида “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” мавзусида иншо ёзиш;

 

✅ вилоят ва республика босқичларида “Менинг Президентим” мавзусида тақдимот тайёрлаш ва уни 15 дақиқа давомида ҳакамлар ҳайъатига тақдим этиш.

 

Эслатма. Танловнинг республика босқичи 21-25 декабр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.

 

Диққат! Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган танловда ўзи хос рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган.

 

“Танловнинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга 2022-2023 ёки 2023-2024-ўқув йилида республикадаги ОТМларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда, уларнинг мос равишда 1-,2-, 3-ўриндаги ғолибларига молиявий имтиёз берилади.”

 

Жумладан:

1-ўрин соҳибига 3 йиллик;

2-ўрин соҳибига 2 йиллик;

3-ўрин соҳибига 1 йиллик тўлов-шартнома пулларини тўлаб бериш.

 

Агар танловда ғолиб бўлган ўқувчи кейинги икки йил мобайнида давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинса, унда мазкур маблағлар миқдорида мукофот пулларига эга бўлади.

 

Шунингдек, танловнинг республика босқичида 1-,2-,3-ўринни эгаллаган ғолиб ўқувчиларнинг устозлари, мос равишда, 30 млн., 20 млн., ва 10 млн. сўм пул маблағлари билан мукофотланади.

 

Бундан ташқари, танловнинг республика босқичи ғолиблари (1-, 2-, 3-ўрин) таълим олаётган мактаблари директорларига ҳам биттадан ноутбук топширилади.

 

Аввалроқ Олий таълимга пул эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

 

Оламгир Абдиев