Хитой Европа Иттифоқи миссияси чоғида Германия ҳарбий самолётини нишонга олди, дея хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.
Германия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Хитой ҳарбийлари Қизил денгизда Европа Иттифоқининг Aspides номли операциясида иштирок этаётган Германия самолётини лазер билан нишонга олган. Мазкур операциянинг мақсади фуқаролик кемаларини Яман ҳусийларининг ҳужумларидан ҳимоя қилиш ҳисобланади.
“Германия ҳарбийлари хавфсизлигига таҳдид қилиш ва операцияни издан чиқаришни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, дейилади Германия ТИВ баёнотида.
Шу муносабат билан Хитойнинг Берлиндаги элчиси Германия Ташқи ишлар вазирлигига изоҳ сўраш учун чақирилган. Баёнотда қандай лазер ишлатилгани ва жабрланганлар бўлган-бўлмаганига аниқлик киритилмаган.
Бу Хитой томонидан содир этилган шу каби илк ҳолат эмас. Аввал ҳам Хитой ҳарбийлари Ғарб давлатларига тегишли самолётларга қарши лазерлардан фойдаланиш орқали учувчиларга халақит қилган ва самолётларнинг электроник тизимларига зарар етказган.


