Ўзбекистонлик мигрант калтаклаб ўлдирилгани юзасидан Ўзбекистон ТИВ Россия томонига расмий нота юборди
Фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ташкилий ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Россияда ўзбекистонлик мигрант «ОМОН» ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига расмий нота юборди. Қайд этилишича, ҳолат Россия Федерациясининг Хабаровск шаҳрида содир бўлган бўлиб, воқеа Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги томонидан назоратга олинган.
Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, уларга зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ташкилий ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Бош консулхонаси Хабаровск ўлкаси прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия ТИВнинг ҳудудий ваколатхонасига ноталар юбориб, ҳолатни холис ва қонуний тарзда ўрганишни сўради. Айни пайтда фуқаронинг вафот сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот йўқ, аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши билдирилган.







