“Заправка”лар фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкин: газ таъминотида устуворлик кимларга берилади?
“Ўзгидромет” 9–11 ноябрь кунлари ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда қор ёғишини прогноз қилмоқда.

Ҳаво ҳароратининг пасайиши ва газга бўлган талаб ортиши муносабати билан зарурат туғилса, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 9–11 ноябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудида ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда эса қор ёғиши кутилмоқда. Тунги ҳарорат шимолда −7 даражагача, бошқа ҳудудларнинг айрим жойларида −1…−2 даражагача пасайиши мумкин.
Вазирлик маълумотига кўра, энергия таъминоти барқарорлигини сақлаш мақсадида тизим ташкилотлари зарур чораларни кўрмоқда. Тошкент ва бошқа ҳудудларда иситиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Газ тақсимотида аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларга устуворлик берилади.
Зарурат туғилганда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига вақтинча чекловлар киритилиши мумкин. Бундай чекловлар ҳокимликлар билан келишилган ва тасдиқланган графиклар асосида жорий этилади. Истеъмолчилар бу ҳақда олдиндан хабардор қилинади.
Шунингдек, вазирлик фуқароларни иситиш ва газ жиҳозлари, мўри ҳамда шамоллатиш йўлларининг созлигини текширишга чақирди. Носоз жиҳозлардан фойдаланмаслик, газ плитасида хонани иситмаслик, электр тармоқларига ортиқча юклама бермаслик ва иситиш мосламаларини назоратсиз қолдирмаслик тавсия этилди.
Электр энергиясини тежаш, кераксиз қурилмаларни ўчириш ва иситиш мосламаларидан меъёрида фойдаланиш ҳам таъминот тизимидаги юкламани камайтиришга ёрдам беради.








