Афғонистон: "Толибон" губернатори ҳалок бўлди, яна бир йирик шаҳар "Толибон" қўлига ўтди
Афғонистонда сўнгги суткада деярли 400 нафар “Толибон” жангариси йўқ қилинди. Бу ҳақда Афғонистон мудофаа вазирлиги хабар берди.


“Ҳукумат кучларининг сўнгги 1 сутка давомидаги ҳарбий амалиёти натижасида 385 жангари йўқ қилинди ва 210 нафари жароҳатланди”, -дейилади Мудофаа вазирлигининг Twitter даги саҳифасида.
Афғонистон армияси 14 вилоятда операциялар амалга оширган. Улар орасида Қандаҳор, Ҳирот ва Ҳилманд ҳам бор.
Шунингдек, Афғонистон Мудофаа вазирлиги расмий вакили Фавод Омоннинг маълум қилишича, Ҳарбий ҳаво кучлари зарбаси натижасида “Толибон” нинг Нимроз вилоятидаги губернатори Обид Мавлавий ўлдирилган. Ўз навбатида ҳаракат вакиллари бу хабарни инкор этди.
“Толибон” ҳам йирик шаҳарларга ҳужумни давом эттирмоқда. Жумладан, ҳаракат расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид Шибирғон шаҳрининг тўлиқ эгалланганини ҳамда шаҳардаги барча муҳим нуқталарни “Толибон” назорат қилаётганини маълум қилди.
Бундан олдин БМТ Хавфсизлик Кенгашида Афғонистон масаласига оид йиғилиш бўлганлиги маълум қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







