Агар биз ҳарорат кўтарилишини тўхтата олмасак, сайёрамиз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади — халқаро экспертлар
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича янги маълумотларига кўра, 2100 йилга бориб ҳарорат 2,7 даражага кўтарилиши, бу эса ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда “Sciencealert” нашри хабар бермоқда.


Мутахассисларнинг фикрича, ҳароратнинг ўзгариши ёнғинларнинг тез-тез содир бўлиши, бўронлар, қурғоқчилик, сув тошқини, иссиқлик ва сув юзасида чуқур ўзгаришларга олиб келади. Бу ўзгаришларнинг асосий сабабчиси эса углерод чиқиндиларидир.
Келажакни башорат қилган халқаро олимлар гуруҳи учта асосий сценарийни маълум қилди. Унга кўра, биринчи иккита сценарийда 2100 йилдан кейин глобал ҳарорат кўтарилади. Бунинг натижасида ўсимлик ва экин майдонлари қутблар томон силжийди ва экинларни етиштириш учун яроқли майдон камаяди. Амазонка ҳавзаси каби баъзи ҳудудлар яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолади. Иссиқлик сабаб тропик минтақаларда яшаб бўлмайди.
Олимларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгаришига қарши энг самарали чоралар кўрилаётган бўлишига қарамай денгиз сатҳининг кўтарилиши давом этмоқда.
"Агар биз ҳарорат кўтарилишини тўхтата олмасак, келаси 500 йил ичида сайёрамиз таниб бўлмас даражада ўзгаради ва бу инсоният соғлиги ва ҳаётига катта хавф солади", - дейди экспертлар.
Насиба Тўхтаева







