Ўзбекистон электр энергетика соҳаси учун ЙТТБдан 81,6 млн. евро қарз оляпти
Маблағнинг асосий қисми электр энергетика станцияларининг ходимлари иш ҳақи учун сарфланади.

Бу ҳақда 2 август куни электр энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 81,6 млн евро қарз жалб қилинмоқда. Ушбу кредит етти йил муддатга 30 ойлик имтиёзлик давр билан ҳамда бир йиллик 1 фоиз +6 ой Эурибор ставкада олинмоқда.
Маълум бўлишича, қарз Тошкент, Навоий, Тахиатош, Сирдарё, Талимаржон иссиқлик электр станциялари айланма маблағлари ва операцион ликвидлик эҳтиёжларини молиялаштириш учун сарфланади. Қарз мазкур станцияларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қайд этилишича, маблағнинг асосий қисми — 44,9 млн евроси ходимлар иш ҳақи фонди, 31,1 млн евроси эса асбоб-ускуналар учун сарфланади. Жумладан:
“Тошкент иссиқлиқ электр станцияси” АЖнинг ходимлари иш ҳақи учун 8,2 млн евро;“Навоий иссиқлиқ электр станцияси” АЖнинг ходимлари иш ҳақи учун 5,2 млн евро;“Тахиатош иссиқлиқ электр станцияси” АЖнинг ходимлари иш ҳақи учун 10,2 млн евро;“Сирдарё иссиқлиқ электр станцияси” АЖнинг ходимлари иш ҳақи учун 12,6 млн евро;“Талимаржон иссиқлиқ электр станцияси” АЖнинг ходимлари иш ҳақи учун 8,5 млн евро сарфланади.







