Панжшернинг Афғонистондаги аҳамияти қандай?
Сўнгги ҳафта ичида Афғонистоннинг деярли барча вилояти “Толибон” қўлига ўтди.

15 август куни Президент Ашраф Ғани ҳокимиятдан воз кечди, марказий ҳукуматни амалда “Толибон” эгаллаб олди. Ҳаракат вакиллари мамлакатнинг 90 фоиз ҳудудини назорат қилаётган бўлса-да, лекин Панжшер вилояти ҳали “Толибон” қўлига ўтгани йўқ: унга қарашли 7 та туман ҳудудига ҳали бирорта ҳам “Толибон” аскари оёқ босмади. Аксарият экспертларнинг фикрича, айнан Панжшер келажакда “Толибон”га қарши кучларнинг асосий марказига айланиши мумкин.
Панжшернинг ўзига хос хусусияти нималардан иборат?
Панжшер — Афғонистон шимоли шарқида жойлашган тоғли вилоят. Маркази Базарак шаҳри. Панжшер “бешта шер дараси”, деган маънони англатади. Афғонистондаги энг кичик вилоятлардан бири бўлган Панжшер аҳолисининг 98 фоизини тожиклар ташкил этади.
Вилоят муҳим стратегик нуқтада жойлашган. Кобул дарёси Панжшердан бошланади. Марказий Афғонистон сув таъминоти кўп жиҳатдан ана шу вилоятга боғлиқ. Иккинчидан, Афғонистон шимолидан жанубига элтадиган энг қулай ва қисқа йўллар ҳам асосан Паншжер орқали ўтади. Учинчидан, Панжшер 1996 — 2001 йилларда “Толибон” ҳокимиятига қарши кучларнинг марказига айланган, бу ерда машҳур қўмондон Аҳмадшоҳ Масъуд бошчилигидаги “Шимолий альянс” жойлашган эди. “Толибон” Панжшерга ҳамон ўз ҳокимиятига қарши энг катта тўсиқ сифатида қараши шубҳасиз. Афғонистонлик генерал Вадуд Хоннинг фикрича, “Панжшер — Афғонистон калити. Ким бу жойни эгалласа, у Афғонистонда ўз ўрнига эга бўлади”.
“Толибон” буни яхши англайди, шу боис вилоятни 90-йиллардаги каби қаршилик марказига айланишини истамайди. Ҳозирда Панжшер билан чегарадош Бадахшон, Парвон ва Нуристон вилоятлари “Толибон” назоратида. Бундай вазиятда Панжшердан 90-йиллардагидек оммавий қаршилик ҳаракатини кутиш қийин. Аммо вилоятнинг “Толибон” ҳаракати учун катта муаммо бўлишига бир қанча сабаб бор.
Биринчидан, ҳозирда “Толибон”га қарши кучларнинг катта қисми Панжшерга чекинган. Уларнинг сони сўнгги маълумотларга кўра, 3 мингдан кўп. Улар ҳозир вилоятнинг энг кам ҳимояланган томони — шимолдаги мудофаа чизиқларини мустаҳкамлашда иштирок этмоқда.
Иккинчидан, Панжшерда ҳозир 20 та ҳарбий лагер бор. Бу вилоятнинг жангларга жиддий тайёргарлик кўраётганидан далолат беради.
Учинчидан, халқаро ҳамжамият “Толибон”га ишонч билан қараётгани йўқ. Ташқи кучлар Панжшердан унга қарши фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкин.
Панжшер афғон урушлари тарихида ҳеч қайси кучга бўйсунмаган ҳудуд саналади. Бу вилоятда ҳали катта сиёсий ўзгаришларга сабаб бўладиган тўқнашувлар бўлиш эҳтимолидан дарак беради.
Жаҳонгир Қўзиев







