Сурхондарёда иккита юк машинаси тўқнашиб, ёниб кетди
Ҳодиса оқибатида ҳайдовчилар тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилган.

Ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида иккита юк машинаси ҳайдовчиси ЙПХ ходимларидан қочишга уриниб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ расмий муносабат билдирди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса 23 июнь куни тахминан 15:30 да Қизириқ тумани “Бўстон” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-103 автомобиль йўлининг 29-километрида содир бўлган. Жарқўрғон тумани “Меҳнатобод” маҳалласида яшовчи фуқаро “ИСУЗИ” русумли автомашинасида Шеробод-Жарқўргон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб, қарама-қарши томондан келаётган, Шеробод тумани “Гулчинор” маҳалласида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “КАМАЗ 53206” русумли юк машинасининг ҳаракат йўналишига чиқиб кетиши оқибатида унинг олд қисми билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этади. Оқибатда юк машиналарида ёнғин чиққан ва ҳайдовчилар тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Тегишли тартибда ҳар иккала ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсиридан маст бўлганликда гумонланиб, тиббий текширувга таклиф этилган. 1985 йилда туғулган “ИСУЗИ” ҳайдовчиси норколог кўригини рад этган. Ҳозирда иш бўйича судга оид тиббий ва кимёвий экспертизалар тайинланган. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан Қизириқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








