“Толибон — бу катта таъсирга эга бўлган куч ва уни бутун афғонистон тинчлик жараёнига қўшиш кераклиги аниқ” - Содиқ Сафоев
Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев 15-16 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро анжумани доирасида haqqin.az сайтига интервью берди. Унда Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ўзаро муносабатлари, давлатлараро савдо ва афғон муаммосининг кўп томонлама диологи ҳақида гапирди.


Мақолада айтилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўшнилар - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан муносабатларни тиклаган ҳолда, дунё аренасига янги ташаббус билан чиқди: Марказий Осиёни 80 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё билан боғлаш.
Конференциянинг очилишида Шавкат Мирзиёев бир вақтнинг ўзида бир нечта истиқболли лойиҳаларни тақдим этди. Улар орасида Термиз (Ўзбекистон) -Мозори-Шариф-Қобул (Афғонистон) -Пешавор (Покистон) темир йўлининг қурилиши ҳам бор. Таклифлар илгари сурилаётган бир вақтда Афғонистондан АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши сифат жиҳатидан янги вазиятни юзага келтираётганини ҳам барча бирдек тушунади.
Афғонистон — географик жойлашувига кўра Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари учун кенг савдо ва логистика имкониятларига эга бўлган давлат, шу билан бирга минтақа салоҳиятини йирик иқтисодий кластерга бирлаштириши мумкин.
Аммо мазкур режаларни амалга ошириш ушбу Афғонистондаги барқарорликни талаб этади. Содиқ Сафоевнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазият асосан минтақавий кучларнинг Қобулга нисбатан сиёсати билан боғлиқ.
- Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун барқарорлик, Афғонистондаги воқеалар ривожини олдиндан кўра билиш керак. Воқеалар ривожи назорат қилинмайдиган ва бошқарилмайдиган мамлакатга катта сармоялар тушмайди. Биз конференция турли мамлакатларни Афғонистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишлари учун муҳокамалар, диалоглар платформасига айлана олди деган умиддамиз. Ушбу мунозара бугун бошланди. Турли хил қарашлар ифода этиляпти.Ушбу конференцияга талаб айнан турли хил қарашларни бирлаштиришга ҳаракат қилишда ҳам намоён бўлади. Ҳамма Афғонистондаги беқарорлик биз кўриб чиқаётган барча минтақавий лойиҳаларни орқага қайтаришини тушунади. Мамлакатнинг хаосга тушиб қолишига йўл қўймаслик керак. Афғонистон ўз холига ташлаб қўйилиши ортидан нафақат минтақа балки бутун дунё учун муаммолар марказига айланиши каби ўтмишдаги хатоларни такрорламаслик лозим. Биз ҳар доим Афғонистонга муаммолар яратувчиси сифатида эмас, балки имконият манбаи сифатида қараш кераклигини айтганмиз. Бугун пайдо бўлган умид нурини қўллаб-қувватлаш керак. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Афғонистонни бошқариб бўлмайдиган жараёнларга ўтиб кетишининг олдини олиш мумкин деган умид бор. Ҳеч бўлмаганда, бундан барчамиз манфаатдормиз, -дейди Содиқ Сафоев.
- Сиз Толибоннинг давлатни шакллантириш кучига айланиш қобилиятини қандай баҳолайсиз? Москвага ёки Дохага келган ҳаракат делегациялари қанчалик бирдам? Уларни бирлашган Толибон вакиллари дейиш мумкинми?
- Мен Толибон билан мулоқотда бевосита иштирок этмаганман. Аммо у билан бирга ишлаган ҳамкасбларимдан биламанки, Толибон вакиллари дунё ўзгарганлигини аниқ тушунишади. Афғонистон ҳам ўзгарди ва улар янги ҳақиқатни қабул қилишга тайёр. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Толибонни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бу катта таъсирга эга бўлган куч ва уни бутун афғонистон тинчлик жараёнига қўшиш кераклиги аниқ.
- Афғонистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси толиблар томонидан бошларини кесиб ташлаш саҳналари акс этган видеотасвирларни улар билан музокаралар олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақидаги изоҳ билан бирга тарқатди. Демакки, ҳаракатнинг бир қисми етакчи сиёсий кучга айланишни, имиджини ўзгартиришни истаса, бошқалари қирғинни давом эттирмоқда.
- Мен ушбу видеони кўрдим. Толиблар бирдам эмас, марказлашган ягона мафкурага қаратилган ҳаракат йўқ. Толибон таркибига ўта радикал ва ўртача даражадаги одамлар киради. Мен шахсан ўзим аминманки, Афғонистондаги жараён, аввало, афғонистоннинг ичида бўлиши керак ва ташқи кучлар тинчлик жараёнига ёрдам бериши, қандайдир тарзда уни рағбатлантириши лозим.
Маълумот ўрнида, 16 июль куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Тошкентдаги халқаро конференцияда сўзга чиқар экан “Толиблар билан музокара олиб бориш учун барча чоралардан фойдаланяпмиз” , - дея билдирган.







