Россия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга келади
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ахборот хизмати хабарига кўра, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 15–16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келади.

Маълум қилинишича, мазкур халқаро конференция давомида минтақалараро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистон раҳбаридан ташқари Афғонистон президенти, Покистон бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этади.
Россия элчихонаси маълумотларига кўра, 16 июль куни Тошкентда Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашуви ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, унда томонлар минтақавий хавфсизлик, гиёҳванд моддалар савдоси ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро алоқаларни муҳокама қилади.







