Тўй жанжали ўлим билан якунланди: марҳумнинг Ўзбекистон фуқароси экани рад этилди
Турк ОАВлари пичоқбозлик қурбонини ўзбекистонлик деб кўрсатган эди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида юз берган пичоқбозлик оқибатида 33 ёшли Қилич Бўриев вафот этди. Айрим турк нашрлари марҳумни Ўзбекистон фуқароси деб хабар берган. Бироқ Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси бу маълумотни рад этиб, у Туркманистон фуқароси бўлганини маълум қилди.
ОАВ хабарларига кўра, ҳодиса соат 23:30 атрофида Истанбулнинг Кичикчекмеже тумани Кемалпоша маҳалласидаги тўйхонада содир бўлган. Тўй пайтида икки гуруҳ ўртасида номаълум сабабга кўра тортишув келиб чиққан. Тахминан бир соат давом этган низо пичоқбозлик билан якунланган.
Жанжал вақтида маст ҳолатда бўлган Р.Т. исмли шахс Қилич Бўриевнинг бўйин қисмига пичоқ урган. Оғир жароҳат олган эркакка воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган ва у шифохонага олиб кетилган. Бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи қўлга олинган. Жиноятда фойдаланилган пичоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Сўроқдан сўнг Р.Т. суд қарори билан ҳибсга олинган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси олиб борган ўрганишлар натижасида марҳум 33 ёшли Қилич Бўриев Туркманистон фуқароси экани, Ўзбекистон фуқароси эмаслиги аниқланганини билдирган.








