Ўзбекистондаги барқарор ривожланиш Жанубий Кореяда эътироф этилди
Ўзбекистонда олиб борилаёган иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида Жанубий Кореянинг етакчи мия марказларидан бири Корея Республикаси Халқаро иқтисодий сиёсат институти (KIEP) сайтида “Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденциялари” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди.


Бу хақда ЎзА маълумот бермоқда. Мақолада Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги иқтисодиёти тез ривожланаётган саноқли давлатлардан бири эканлиги қайд этилган. Марказ маълумотларига кўра ўн йил мобайнида республиканинг ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатлари МДҲ мамлакатларининг (Россия, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон, Тожикистон) ўртача кўрсаткичидан ошиб кетган. Мақолада 2017 йилда бошланган иқтисодий ислоҳотлар жараёнининг ўзига хос хусусиятлари, амалга оширилган муҳим қадамлар ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида қабул қилинган қонунлар, жумладан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва бошқа узоқ муддатли дастурлар қабул қилинганига эътибор қаратилган. Шунингдек ,пандемия даврида Ўзбекистон иқтисодий ўсиш динамикасини сақлаб қолганлиги эътироф этилиб, ишсизликнинг кенг тарқалишининг олди олинганлиги қайд этилган. “Қўшнилар билан алоқалар яхшиланиб, кўплаб мамлакатлар билан ташқи савдо кучайди, бу эса валюта бозорини либераллаштириш ва ташқи савдо йўлидаги тўсиқларни камайтиришга кўмаклашди”, деб ёзади муаллифлар.







