“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” ─ Халқаро конференциядан нималар кутиляпти?
Тошкент конференцияси ўтган 5 йилда Ўзбекистон томонидан ташқи сиёсат масаласида олиб борилган ишларнинг самарасини ҳам кўрсатиб беради.

Тошкент конференцияси нима беради?
Жорий йилнинг 15-16-июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан ҳафтанинг асосий тадбири деб баҳоланаётган конференция том маънода Марказий ва Жанубий Осиёнинг кейинги тақдирини белгилашда катта аҳамият касб этади. Конференцияда Покистон бош вазири ва Афғонистон президенти, 20 та давлат ташқи ишлар вазирлари, Европа Комиссияси вице-президенти Жозеф Боррель, кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилот раҳбарлари, жами 600 дан ортиқ иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда. Хўш Тошкент конференцияси унинг иштирокчиларига нима беради, Ўзбекистон, умуман Марказий Осиё учун Жанубий Осиёнинг қандай аҳамияти бор?
Кенг иқтисодий алоқалар
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, сўнгги 4 йилда биргина Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдоси 35 % га, жумладан Афғонистон билан 56.2 %, Ҳиндистон билан 32 %, Покистон билан 8.9 % га ошган. 2020-йил якунларига кўра Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида 2020-йилда 4.4 миллиард АҚШ долларлик товар айирбошланган. Марказий Осиё мамлакатларининг жаҳон океанларидадан узоқда жойлашганлиги улар учун денгиз портларига чиқишни муҳим заруриятга айлантирган. Марказий Осиё учун Жанубий Осиё портлари энг арзон ва яқин портлар эканлиги ҳисобга олинса, бу жиҳатдан ҳам минтақа Жанубий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор. Ҳозирги кунда Ўзбекистон учун стратегик аҳамият касб этиши кутилаётган Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл линияси минтақани Ҳинд океани билан тўғридан-тўғри боғлашга ёрдам беради. Кўриниб турибдики, икки минтақа ўртасида мустаҳкам иқисодий алоқалар ва муштарак режалар мавжуд. Тошкент конференциясининг муҳим мавзуларидан бири шубҳасиз иқтисодий алоқалар мавзуси бўлади.
Хавфсизлик
Сўнгги кунларда кескинлашаётган Афғонистон муаммоси шубҳасиз конференциянинг марказий мавзуларидан бири бўлади. Афғонистондаги беқарорлик ҳар икки минтақа учун ҳам катта хавф вужудга келтиради. АҚШнинг Афғонистон бўйиса махсус вакили Залмай Халилзод, РФ ва ХХР Ташқи ишлар вазирлари С.Лавров ва Ван И каби олий мартабали меҳмонларнинг ташриф дастурларида катта эхтимол билан Афғонистондаги вазият асосий мавзу бўлади. Шунингдек Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг бевосита конференцияда иштирок этади-Ғани 15-июль куни Тошкентга келиши кутилмоқда.
Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим давлат бўлганлиги сабабли ҳар иккала минтақа мамлакатлари Афғонистон муаммоси тез орада ҳал қилинишидан манфаатдор. Афғонистон географик жойлашуви туфайли хар иккала минтақа мамлакати хисобланади. Марказий ва Жанубий Осиё биргаликда амалга оширадиган лойиҳаларни Афғонистонсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тошкент конференцияси минтақа ва жаҳоннинг йирик давлатларининг афғон масаласига оид позицияларини билдиришларида ўзига хос майдон вазифасини бажаради.
Ўзбекистон учун аҳамияти
Тошкент конференцияси ўтган 5 йилда Ўзбекистон томонидан ташқи сиёсат масаласида олиб борилган ишларнинг самарасини ҳам кўрсатиб беради. Қайд этиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев саъй-харакатлари билан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги икки томонлама алоқалар янада фаоллашди. Ўтган давр мобайнида икки минтақа ўртасида савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар соҳалардаги алоқалар кенгайди, янги йўналишлар доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бунда Ўзбекистоннинг ва шахсан давлат раҳбарининг ўрни катта. Сўнгги йилларда Ўзбекистон иккала минтақани боғлашга ёрдам берувчи, Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл линияси қурилиши ташаббуси билан чиқди. Агар лойиҳа ишга туширилса минтақа мамлакатлари Ҳинд океани портларига тўғридан-тўғри боғланади ва ўз махсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятига эга бўладилар. Конференцияда минтақа мамлакатлари ўртасида шу ва бошқа муҳим масалалар юзасидан таклиф ва келишувларга эришилиши кутилмоқда.
Бугун анжуманда иштирок этиш учун Туркия ташқи ишлари вазири мамлакатимизга ташриф буюрди. У ўз сафарини Фарғона вилоятидан бошлади.
Жаҳонгир Қўзиев







