Қозоғистоннинг Костанай вилоятида уч киши куйдирги касаллигини юқтирди
Қозоғистоннинг Костанай вилоятида уч киши куйдирги касаллигини юқтирди. Бу ҳақда «24.kz» хабар берди.

Беморлар ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Уларга инфекция Денисов тумани қишлоқларидан биридаги чорвачилик фермасидаги сигирлардан юққан. Касалланган ўн бошдан ортиқ сигир инфекциядан ўлган. Ҳозирда куйдирги аниқланган ҳудудда карантин жорий қилинган.
Ветеринария шифокорлари ўлган ҳайвонларнинг жасадларини йўқ қилган. Шунингдек, қорамол боқилган ва ўлган жойлар дезинфекция қилинган. Куйдиргига қарши эмлаш ишлари шошилинч равишда ташкил этилиб, эмланган ҳайвонлар ветеринария ходимлари назоратига топширилган. Денисов туманининг қолган қишлоқларида ва Костанай вилоятида эпизоотик вазият барқарор. Минтақада сўнгги 26 йил ичида одамларда куйдирги касаллиги биринчи марта қайд этилган.
Костанай вилояти санитария-эпидемиология назорати бошқармасининг хавфли инфекциялар бўлими бошлиғи Людмила Налобина инсонлар куйдиргини чорва молларини парвариш қилиш ёки сўйиш пайтида юқтирганини айтган.







