«Толибон»дан қочган 80 га яқин афғонистонлик Тожикистон ҳудудига ўтди
Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Вахон туманида яшовчи 77 нафар фуқаро «Толибон»нинг таъқибидан қочиб, Тожикистон ҳудудига ўтди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот марказига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.


«13 июль куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 да Афғонистон Республикаси фуқаролари бўлган 77 киши, хусусан, 26 нафар эркак, 20 нафар аёл ва 31 нафар вояга етмаганлар Тожикистонга келди. Асосан, Бадахшон вилоятининг Вахон туманидаги Андемин қирғиз қишлоғи аҳолиси бўлган ушбу кишилар, «Толибон» таъқибидан қўрқиб ва ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун Тожикистоннинг Мурғоб вилояти, Қизилработ қишлоғидаги давлат чегарасини кесиб ўтган», — дейилади хабарда.







