Германияда сув тошқини қурбонлари 133 нафарга етди
Германиянинг ғарбий қисмида рўй бераётган сув тошқинлари қурбонлари сони 133 кишига етди.


Табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Рейнланд-Пфалзия федерал штатидаги Кобленз шаҳри полицияси ушбу минтақада 90 га яқин одам ҳалок бўлганлигини хабар қилди. Яна 43 киши қўшни Шимолий Рейн-Вестфалия федерал штатида вафот этган.
Марказий Европада тошқинлар ҳафтанинг ўрталарида кучли ва узоқ муддатли ёмғирлар туфайли бошланди. Ноқулай об-ҳаво Нидерландия, Франция ва Белгиянинг бир қатор минтақаларига ҳам таъсир кўрсатди. Белгияда 20 киши ҳалок бўлди.
Германияда тошқинлар сабабли 102 минг киши электрсиз қолди, минглаб маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда.
Франция, ўз навбатида, Германияга ёмон об-ҳаво оқибатларига қарши курашишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Насиба Тўхтаева







