Олимлар ўргимчак заҳaридан юрак хуружига қарши дори яратди
Австралиялик олимлар ўргимчак заҳари асосида миокард инфарктига учраган одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда донор юракларнинг умрини узайтирадиган дори яратишди.


Маълумки, юрак хуружидан сўнг юракка қон қуйилиши камаяди, бу эса юрак мушагида кислород етишмаслигига олиб келади. Кислород етишмаслиги ҳужайра муҳитини кислотали қилади ва молекуляр даражада организм юрак ҳужайраларига ўлим сигналини юборади.
Бир неча ўн йиллар давомида тадқиқотчилар юрак ҳужайраларида "ўлим сигналини" тўхтатадиган дори ишлаб чиқара олмай келаётган эди. Аммо Квинсленд университети ва Янги Жанубий Уелс университети Юрак тадқиқотлари институти мутахассислари Фрейзер оролидаги ўргимчак заҳари таркибидаги Hi1a оқсилининг юракдаги кислота сезгир ион каналларини тўсиб қўйишини, ўлим сигналининг олдини олишини аниқладилар.
Натижада ҳужайралардаги ўлим хавфи камаяди ва юрак хуружига учраган беморларнинг тирик қолиш даражаси ошади. Бундан ташқари Hi1a оқсили асосида яратилган дори донор юракларнинг умрини сезиларли даражада узайтириши мумкин.
Ҳозирда олимлар Hi1a оқсилини инсон юрак ҳужайраларида синаб кўришмоқда ва улар келажакда тўлақонли клиник синовларни ўтказишни режалаштирмоқдалар.
Насиба Тўхтаева







