Сув тошқинлари Польша ва Чехияга қадар етиб келган бир вақтда Эронда қурғоқчилик сабаб намойишлар авж олди
Эроннинг жануби-ғарбидаги Хузестон вилоятида сув етишмовчилигига қарши намойишлар авж олди. Fars ахборот агентлиги тарқатган видеоларга кўра полиция кўчага чиққан кишиларни тинчлантириш учун қуролдан фойдаланяпти. Ҳудуднинг хавфсизлик масалалари бўйича масъули якшанба куни намойишлар давомида камида бир киши ҳалок бўлганини тан олди.


Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Эронликлар юзага келган қурғоқчилик сабаб бир неча кундан бери электр энергиясидан ҳам узилиб қолишган. Мутахассислар ҳудудда сўнгги бир йил ичида ёғингарчилик 50 фоизга камайганини таъкидлашмоқда. Бир вақтнинг ўзида Европа мамлакатлари сув тошқинларидан азият чекмоқда. Бугун табиий офат Польшага ҳам етиб борди. Краковадан 30 километр жанубда бўлган ҳудуддаги аҳоли уйларини сув босди. Маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди.
Чехиянинг шимолий, Германиянинг жанубий қисмидаги кутилмаган талофатлар сабаб икки мамлакатни боғловчи темир йўл фаолияти тўхтатилди.
Ҳозирда Германиянинг бир қанча ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Мамлакат ғарбидаги Кельн вилоятида нефть қуйилиши кузатилди. Мутахассислар ифлосланган сув сув омборига тушган бўлиши мумкин деган тахминда.
Эслатиб ўтамиз, мана шундай кучли сув тошқинлари 2010 йилнинг май-июнь ойларида ҳам содир бўлганди. Ўшанда ҳам Европанинг марказий қисми саналган Польша, Чехия, Венгрия, Австрия ва Германия сув билан тўлганди.







