Жефф Безос космосга парвозидан сўнг 200 млн долларни хайрияга ажратди
Қайд этилишича, ташкилот ўтган ҳафтада Германиядаги сув тошқинларидан жабрланган аҳолига ёрдам берди.


Amazon собиқ бош директори Жефф Безос 200 млн доллар маблағни икки ижтимоий тадбиркорга хайрия сифатида ажратди. У бу ҳақда космосга парвозидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилди.
Бош ошпаз Хосе Андрес Безосдан 100 млн доллар олади. Андрес 2018 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотига тавсия қилинганди. У 2010 йилда World Central Kitchen лойиҳаси ҳаммуаллифи бўлган. Мазкур нотижорат ташкилот дунёнинг табиий офатлардан зарар кўрган ҳудудларидаги аҳолининг овқатланишини ташкил этишда ёрдам беради. Қайд этилишича, ташкилот ўтган ҳафтада Германиядаги сув тошқинларидан жабрланган аҳолига ёрдам берди.
Яна 100 млн долларни CNN сиёсий эксперти Вэн Жонс олади. Жонс маҳбуслар ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятга интеграцияси билан шуғулланадиган бир нечта нотижорат ташкилотлар ва ҳаракатлар асосчиси ҳисобланади.
Безоснинг сўзларига кўра, Жонс ва Андрес маблағлардан ўзлари истаганидек фойдаланишлари мумкин. Жефф Безос Courage and Civility Award ташаббусини бошлаганини маълум қилди: бизнесмен глобал муаммолар ечими билан шуғулланаётган инсонларга маблағ ажратади.







