“Шимолий оқим-2”: иқтисодий лойиҳами ёки геосиёсий қурол?
21 июль куни Ноланд баёноти ортидан Меркель ва Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Унда томонлар яна бир бора газ қувурлари савдо-иқтисодий манфаатларга хизмат қилишини таъкидлашди.

21 июль куни АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд АҚШ ва Германия Россиянинг “Шимолий оқим-2” магистрал газ қувурлари бўйича келишувга эришганлигини маълум қилди. Бир неча йиллар давомида Берлин ва Вашингтон муносабатларида тарангликка сабаб бўлган ушбу масала ўтган ҳафтада Германия канцлери Ангела Меркелнинг Вашингтонга ташрифи доирасида ҳал қилинди. Хўш, Россия-Германия ўртасидаги қувурлар нима учун АҚШ норозилигига сабаб бўлди? Ушбу лойиҳа Европа хавфсизлигига таҳдид соладими?
Бу қандай лойиҳа?
“Шимолий оқим-2” (“Nord stream-2”) Россия ва Германия ўртасидаги Болтиқ денгизи тубидан ўтган магистрал газ қувури бўлиб, узунлиги 1 234 кмни ташкил қилади. Қурилиш ишлари 2016 йилда бошланган бўлиб, 2021 йилда якунланиши мўлжалланган. Ушбу ноёб лойиҳада қувурлар тўлиқ денгиз тубидан ўтади ва Россия, Финляндия, Швеция, Дания ва Германия ҳудудий сувларига ётқизилади.
Бу соф иқтисодий лойиҳами?
Москва ва Берлин “Шимолий оқим-2” ҳеч қандай сиёсий мақсадларга хизмат қилмаслигини, балки соф иқтисодий лойиҳа эканлигини таъкидлаб келади. Германия ҳукумати Россияга қарши санкциялар жорий этганига ва икки томонлама муносабатлар кескин совуқлашганига қарамай, газ қувури қурилиши катта иқтисодий манфаат келтиришини ҳисобга олди ва Москва билан келишувга эришди. 2019 йилда РФ президенти Владимир Путин чиқишларидан бирида “Шимолий оқим-2” мутлоқ иқтисодий лойиҳа эканлигини маълум қилди.
21 июль куни Ноланд баёноти ортидан Меркель ва Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Унда томонлар яна бир бора газ қувурлари савдо-иқтисодий манфаатларга хизмат қилишини таъкидлашди.
Нима учун Европа ва АҚШ норози?
АҚШ ва Евроиттифоқнинг баъзи давлатлари, шунингдек, Украина “Шимолий оқим-2” ни Москванинг навбатдаги қуроли сифатида кўради. Уларнинг фикрича, лойиҳа Европанинг энергетик хавфсизлигига таҳдид қилади ва Россияга нисбатан қарамлигини оширади. Жумладан, АҚШнинг фикрича, магистрал газ қувурлари Европанинг Россияга нисбатан ҳаракатларини чеклаб қўяди, шунингдек, Москванинг Европага сиёсий таъсири ошишига олиб келади. Баъзи экспертларнинг фикрича, Вашингтон қаршилигининг асосий сабаби-ўз энергия манбаларининг “Шимолий оқим-2” туфайли экспорти чекланиши ҳисобланади. Европа дунёдаги энг йирик энергия истеъмолчиси эканлиги ҳисобга олинса, масала янада ойдинлашади. Бундан ташқари, “Шимолий оқим-2” ишга тушса, Шарқий Европа давлатлари, биринчи навбатда Украина Россия газини транзит қилиш имкониятидан аста-секин маҳрум бўлади. АҚШ Шарқий Европадаги иттифоқчилари манфаатларини ҳимоя қилиши учун ҳам лойиҳага қаршилик қилиб келади. Вашингтон шу пайтгача “Шимолий оқим-2” билан боғлиқ тўртта санкциялар пакетини киритди.
Украина ва Польша Россия гази транзитидан катта фойда кўрадиган давлатлар ҳисобланади. “Шимолий оқим-2” ишга тушса, Россия газни денгиз туби орқали Европанинг марказига тўғридан-тўғри етказиш имконини қўлга киритади ва Украина ҳамда Польша орқали транзитдан воз кечилади. Шарқий Европа давлатлари энг аввало шу сабабли ушбу лойиҳага қаршилик қилишмоқда.
“Шимолий оқим-2” Европа ва АҚШ ўртасидаги маълум бир зиддиятларни кўрсатиб қўйди. Масалан, АҚШ олий раҳбарияти бир неча бор Германия ҳукуматидан лойиҳани тўхтатишни сўради. Лекин Берлин қатъий рад жавобини бериб, миллий манфаатлар Вашингтон билан ҳамкорликдан устун эканлигини кўрсатди.
Келишувга нима мажбур қилди?
21 июл куни АҚШ президенти Жо Байден “Шимолий оқим-2” қурилишини тўхтатиш имконсиз эканлигини маълум қилди. Сабаби, қурилиш ишлари 99 фоизга якунланган ва ишга тушиш арафасида. АҚШ маъмурияти Европадаги энг йирик ва муҳим иттифоқчиси-Германия билан муносабатларни совуқлаштирмаслик учун ҳам “Шимолий оқим-2” қурилиши тугалланишига рози бўлди. Ангела Меркель ўз навбатида Вашингтон билан келишув Россияга совға эмаслигини ҳамда Россия Германия учун Украина ва Польшадан муҳим эканлигини англатмаслигини айтиб ўтди.
АҚШ розилиги Берлинга бир қанча мажбурият юклади. Биринчидан, агар Россия магистрал қувурдан сиёсий мақсадда фойдаланса, Германия АҚШ билан биргаликда Москвага қарши зудлик билан санкциялар киритади.
Иккинчидан, Германия Россиядан Украинадан ўтадиган газ транзитини сақлаб қолишни ва 2024 йилда тугайдиган шартномани яна ўн йилга узайтиришни сўрайди.
Учинчидан, Украина учун алоҳида “яшил фонд” жорий қилиниб, унга 1 миллиард евро ажратилади. Фонднинг асосий мақсади Украинанинг Россия газидан қарамлигини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини кенг жорий қилиш.
“Шимолий оқим-2” Россия ва Германия учун катта иқтисодий имкониятларни вужудга келтиради ва уларнинг таъсирини янада оширади. Ушбу лойиҳа Россия газининг Европадаги мавқеининг ҳам ошишига олиб келади. Шунинг учун ҳам унинг ишга туширилиши Москва учун стратегик аҳамиятга эга.
Жаҳонгир Қўзиев







