Тожикистонда қуролли кучлар ва хавфсизлик кучлари тайёргарлик ҳолатига келтирилган
Тожикистонда пайшанба куни мамлакат қуролли кучлари ва хавфсизлик кучларининг барча бўлинмалари тайёргарлик ҳолатига келтирилган.


Бундай текшириш суверен Тожикистон тарихида биринчи марта амалга оширилмоқда. 100 минг ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, шунингдек, 130 минг захира зобитлари ва оддий аскарлар жалб қилинган. Бундан ташқари, 20 минг аскар ва захира зобитлари тожик-афғон чегарасига "чегара қўшинларини тўлдириш учун" юборилди.
Таъкидланишича, Тожикистонда қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигини текшириш Афғонистон чегарасидаги вазиятдан хавотир кучайиб бораётган бир пайтда амалга оширилган. Айниқса, толиблар тожик-афғон чегарасидаги кўпгина чегара ҳудудларни эгаллаб олгандан кейин.
Ушбу ҳафта бошида Россия Афғонистонга ҳаво кемалари орқали ҳарбий техника етказиб берди. Тожикистондаги 201-ҳарбий базадан Россия Федерацияси танкчилари Ляура полигонидан Афғонистон билан чегарадош Ҳарб-Майдон полигонигача 200 км юриш қилдилар.
Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Афғонистондаги ички вазиятга аралашишни режалаштирмаяпти, дея таъкидлаган.
Маълумки, Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш фонида Толибон кенг кўламли ҳужумларни амалга оширмоқда ва мамлакатнинг улкан ҳудудларини ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани толиблар уч ой ичида мағлуб бўлишини ваъда қилмоқда.
Насиба Тўхтаева







