АҚШ ва Европа давлатлари Афғонистонда ўт очишни тўхтатишга чақиришди
АҚШ ва Европа мамлакатлари Афғонистонда тобора кучайиб бораётган зўравонликлардан хавотирда. Улар Толибонни тажавузкорона ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқдалар. Тегишли қўшма баёнот Ақш Давлат департаменти сайтида жойлаштирилган.


"Биз иккала томонни ҳам ўқ отишни тўҳтатишга, келажакдаги Афғонистон давлатининг асосий тамойиллари ва якуний сиёсий келишувга эришилгунга қадар ўтиш даври бошқарув механизмларининг тафсилотларини келишиб олишга чақирамиз", - дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, давлатлар Толибон назоратида бўлган ҳудудларга инсонпарварлик ёрдамини киритишга рухсат беришни, дипломатик миссиялар, журналистлар ва аэропортлар хавфсизлигини таъминлашни тавсия этишган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги қарама қаршиликлар давом этмоқда. АҚШ ўзининг ҳарбийларини олиб мамлакатдан олиб чиқишни бошлагани фонида кураш янада кучайди. Афғонистон хавфсизлик кучлари бутун мамлакат бўйлаб терроризмга қарши амалиётлар олиб бормоқда.
Бир неча кун аввал, Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ҳам «Валдай» халқаро клубидаги дискуссияда иштирок этар экан “Можарони ҳарбий усул билан ҳал этиш ҳеч кимга ғалаба келтирмайди”, - дея қайд этган эди.







