Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги алоқа тармоғи тикланди
Жанубий Корея ва Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги алоқа тармоғи тикланди. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти администрацияси хабар қилди.


“Икки Корея соат 10:00да трансчегаравий алоқа тармоғини яна тиклади”, - дейилади хабарда.
Мовий уй ҳам иккала Корея етакчилари апрель ойидан бери бир неча марта шахсий мактуб алмашганини тасдиқлади.
“Ҳозир бутун корейс халқи Жануб ва Шимол ўртасидаги муносабатлар омадсизлик ва тўхтаб қолишдан сўнг тикланишини хоҳлайди. Бу масалада Шимол ва Жануб етакчилари яқиндаги шахсий хатлари орқали ўзаро ишончни тиклаш ва узилган алоқаларни тиклашда катта қадам қўйишга келишиб олишди”, - дейилади Корея марказий ахборот агентлиги хабарида.
2020 йилнинг 16 июнида Корея халқ демократик республикаси ҳукумати Сеул билан барча мавжуд алоқа каналлари билан алоқани тўхтатишини эълон қилган эди. Кейинроқ Кэсон технопаркидаги кореялараро алоқа офиси портлатилди. Шимолий Корея ҳукумати бино бузилиши уларнинг қарори билан амалга оширилганини тасдиқлаган.
Шарофат Маҳмудова







